Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сонли қарорига асосан “Саховат” интернат уйига якка-ёлғиз кексалар ва пенсионерлар ҳамда 18 ёшдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлари қабул қилиниши белгиланган. Ҳозирда уларга 6 нафар шифокор, 14 нафар ҳамшира ва 28 нафар кичик тиббий ходимлар ҳамда хўжалик ходимлари билан бирга жами 96 нафар ходимлар тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиб келмоқда.
“Саховат” интернат уйида яшовчи қарияларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш шароитлари ўрганилди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари ва дори-дармонларни сақлаш муддатлари кўздан кечирилди.
Мазкур интернат уйида яшаётган онахон ва отахонлар билан якка тартибда суҳбатлашилганда, улар “Саховат” уйи раҳбарияти ва ходимларидан миннатдор эканликлари ва ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини билдиришди.
Омбудсман минтақавий вакили ушбу муассаса раҳбари билан суҳбатлашганда, ўрнатилган тартибга зид равишда, “Саховат” интернат уйида фарзандлари бор 15 нафар қария яшаши маълум бўлди. Уларга фарзандалари ғамхўрлик қилишдан бош тортганлиги учун, муассаса раҳбарияти кексаларни муассасага қабул қилишга мажбур бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон қарорининг 1-иловасига асосан «Саховат» интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 57-моддасига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган биринчи даражадаги қариндошлари ёки васийлари бўлмаган ёлғиз кексалар, 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар учун тиббий-ижтимоий хизматларни кўрсатадиган давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасида вояга етган меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун 1 ва 2-сон интернат уйларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Ташриф давомида “Мурувват” интернат уйларида яшовчи болаларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш бўлимидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, болалар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кутубхона, тўқиш хонаси ва спорт залларида яратилган шарт-шароитлар ҳам кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, мулоқотга лаёқатли болалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Маълумот учун: Ҳозирда “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйларида 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган жами 640 нафар ақли заиф, оғир ва чуқур даражадаги ҳамда 120 нафар 18 ёшдан катта ногиронлиги бўлган болалар яшамоқдалар. Муассасаларда мустақил ҳаракатлана олмайдиган болалар учун ҳам барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳар “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйига ҳам мониторинг ташрифи амалга оширилиб, муассасадаги шароитлар ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати