Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида аниқланган камчиликлар бўйича тегишли вазирликка Омбудсман тақдимномаси киритилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 февралдаги қарори билан «2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепцияси» тасдиқланди. Шунингдек, 2023 йилнинг 19 июнида эса “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори имзоланди. Ушбу ҳужжатлар асосида аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш сифатини ошириш, соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш, илм-фанни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва психиатрия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Мониторинг ташрифида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар самарасига алоҳида эътибор қаратилди. Мониторингда 445 ўринга мўлжалланган шифохонадаги беморларга яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳолати кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида даволанаётган шахсларга берилаётган овқатлар сифати, ошхона ва озиқ-овқатлар сақланадиган омборлардаги шароитлар талаб даражасида экани ва тиббиёт бўлимидаги дориларнинг яроқлилик муддатлари ўтмагани аниқланди.

Мониторингда айрим камчиликлар ҳам аниқланди, жумладан, мазкур муассасадаги 59 нафар мажбурий даволаниш ўтаётган беморларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги боис Тиббий меҳнат эксперт комиссияси кўригидан ўтказиш ҳамда уларга нафақа пули тўланиши тўхтатилган. Баъзи беморлар даволаниш учун бошқа вилоятда жойлашган психиатрия муассасасига кўчирилганда уларга махсус автоулов зарурлиги, сўнгги 4 йил ичида даволанувчиларга кийим-кечак ва бошқа керакли жиҳозлар ажратилмагани маълум бўлди.

Давлат раҳбарининг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасига асосан Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси замонавий асбоб-ускуналар билан, яъни рақамли ЭЭГ тизими (32 каналли), УТТ (рангли доплер билан), автоклав (100 литрли), рақамли рентген аппарат билан таъминлаш кўзда тутилган. Шунга қарамасдан бугунги кунга қадар шифохона ушбу тиббий ускуналар билан таъминланмагани аниқланди.

Мониторинг якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига шифохонада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман тақдимномаси киритилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати