Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Наманган вилоятидаги колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилди ва маҳкумлар фикрлари ўрганилди
2024 йилнинг 8 май куни Поп тумани 6-сон Жазони ижро этиш колониясида сақланувчи шахсларнинг дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида спорт мусобақаси ҳамда концерт дастурлари ташкил этилди.

Шу куни Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили маҳкумларга яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида мониторинг ташрифини амалга оширди. 

Мониторинг ташрифида маҳкумларнинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудларидаги шароитлар ўрганилди. 

Минтақавий вакил колонияда сақланаётган 600 нафарга яқин шахс билан жамоавий, 11 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлашди ва мурожаатларини қабул қилди. 

Маҳкумлар билан суҳбатда колониянинг 10 мингдан зиёд адабиётларга эга кутубхонасини янги бадиий китоблар билан бойитиш таклифи берилди. 

Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, муассасада ногиронлиги бўлган маҳкумларга яратилган шароитларни яхшилаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу колониядаги бир гуруҳ маҳкумлар Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасининг Наманган вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган пайвандлаш ва сантехника касб-ҳунарга ўрганиш курсларида ўқишмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати