“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Жорий йилнинг 2 май куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Янгиҳаёт” МФЙдаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 2023 йилда Жиззах вилоятидан 805 та мурожаат йўлланган. Айнан Шароф Рашидов туманидан келиб тушган мурожаатларда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш борасидаги имконият ҳамда имтиёзлар, пенсия ва болалар нафақасини тайинлаш масалалари кўтарилган. Шу нуқтаи назардан тумандаги “Янгиобод”, “Қўшбармоқ”, “Тоқчилик”, “Зиёкор”, “Хайробод”, “Самарқанд қудуқ” маҳаллаларида яшовчи 200 нафарга яқин фуқаро қамраб олинган тадбир ушбу масалаларга бағишланди.
Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳамда тегишли давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва ОАВ иштирок этишди.
Ўзаро савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда аҳоли томонидан кўтарилган масалалар бўйича ҳам ҳуқуқий тушунчалар берилди.
“Омбудсман мактаби” тадбири доирасида Омбудсман Феруза Эшматованинг сайёр қабули ҳам ўтказилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати