Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Аниқланишича, мурожаатчи А.Д. фарзанди билан кластер ишлаб чиқариш корхонасида ходимлар сонининг қисқаргани сабабли меҳнат шартномалари бекор қилинган. Лекин, уларнинг 2023 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойлари учун иш ҳақлари тўлаб берилмаган.
Мазкур мурожаат назоратга олиниб, иш берувчига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Натижада мурожаатчи ва унинг фарзандига 26 млн сўм миқдоридаги 3 ойлик иш ҳақлари тўлаб берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда Кодекснинг 110-моддасига кўра, ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса, меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, — меҳнат шартномаси бекор қилинган куни, меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, — у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати