Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Женевага ташрифи доирасида қатор нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашди
Хабарингиз бор, шу кунларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 55-сессиясида иштирок этмоқда. Женевада бўлиб турган Феруза Эшматова хизмат ташрифи доирасида қатор нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

2024 йилнинг 28 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти бошлиғининг ўринбосари М.Боянич ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал алянси (GANHRI) эксперти К.Криттинлар билан учрашди.

Учрашувларда халқаро экспертлар мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш борасида қабул қилинган муҳим стратегиялар ва уларнинг ижро этилиши натижасида эришилган ютуқлар, конституциявий ислоҳотлар ҳамда “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар, қийноқларни олдини олиш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида хабардор қилинди.

Мулоқотларда халқаро экспертлар томонидан Омбудсман институтининг 29 йиллиги муносабати билан ўтказилган халқаро конференция - инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда Омбудсманлар кун тартибида турган муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун платформа сифатида хизмат қилгани алоҳида таъкидланди.

Суҳбат давомида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришларни алоҳида қайд этишди ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Ҳар иккала учрашувлар дўстона ва конструктив руҳда ўтди ва уларда истиқболдаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати