Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
2024 йилнинг Омбудсман бошчилигидаги илк мониторинги Навоийда ўтказилди
2024 йил 5 январь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари Навоий шаҳрида жойлашган 11-сон жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширишди.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, «Юксалиш» ҳаракати ва «Ҳуқуқий таянч» ННТ раислари иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишишди.

Ташриф давомида, маҳкумлар билан суҳбатлашилди, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.

Маҳкумларнинг ётоқ жойлари кўздан кечирилганда, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашилди. Суҳбат давомида Д.Тажимуратов колониядаги озиқ-овқат таъминоти яхшилигини, қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, даволаш-профилактика ёрдамини кўрсатиш бўлими томонидан тиббий  ёрдам керак бўлганда вақтида ёрдам кўрсатилаётганлигини маълум қилди.

Колония раҳбарияти билан ўтказилган суҳбатларга ва амалга оширилган ўрганишларга кўра, Д.Тажимуратов қонунчиликда белгиланган тартибда жазо муддатини ўтамоқда. Унинг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган ҳуқуқлари таъминламоқда ва ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятлар татбиқ этилмоқда. Алоҳида чекловлар ўрнатилмаган ёки имтиёзлар тақдим этилмаган. Шунингдек, ўтказилган суҳбат давомида унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтириб ўтилди.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати