Учрашув давомида юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш, уларда амалий ишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш ҳамда илмий тадқиқотчилар ва талабаларни Ўзбекистон ва хорижий давлатлар Омбудсманларининг илғор тажрибаларини ўрганишга кенг жалб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, меморандум доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида талаба ва илмий тадқиқотчиларнинг салоҳиятини ошириш, ҳамкорликнинг тегишли йўналишлари бўйича қўшма тадбирлар ва маҳорат дарсларни ташкил этиш ва талабаларни амалиёт ўташ учун жалб қилиш, амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Шу куннинг ўзида талабаларни Омбудсман фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Омбудсман институтининг ваколатлари ва фаолият йўналишлари, мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларга қарши курашиш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда таъкидланишича, “Омбудсман клуби” аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати