Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг 13 сентябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Наманган вилояти Учқўрғон туманида ташкил этилди. Тадбирда “Пахтачи” , “Бирлик” ва “Қўрғонча” МФЙ аҳолиси ва фаоллари иштирок этишди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили Жаҳонгир Валиевнинг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати