Амалга оширилган мониторинг ташрифи давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда яратилган шарт-шароитлар, туркум ётоқ жойлари, маиший хоналар, ошхоналар, ювиниш хоналари, кутубхоналар, даволаш-профилактика ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудлари ўрганилди.
Мониторингда аниқланишича, мамлакатимиз бўйлаб аномал иссиқ ҳарорат қайд этилаётганлиги сабабли яшаш саҳн ва ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудида, маҳкумлар учун умумий ҳожатхона, ювиниш жойлари ҳамда кийим алмаштириш хоналари зарурий жиҳозлар, жумладан вентилятор, кондиционер, билан таъминланган. Шунингдек, колониялар дўконларида вентиляторлар сотуви йўлга қўйилган ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан олиб келинадиган вентиляторларни муассаса ҳудудига маҳкумлар учун киргизилишига рухсат этилган.
Шу бирга маҳкумларга доимий истеъмол қилишлари учун қайнатилган янтоқ суви, ичимлик суви берилаётгани ва яшаш саҳнларига музлатгичлар ўрнатилганлиги ва маҳкумларга куннинг энг иссиқ пайтлари дам олиш вақти сифатида белгилангани маълум бўлди.
Мониторинг давомида муассасаларга ўрнатилган Омбудсман қутилари кўздан кечирилди ва мурожаатлар қабул қилинди.
Ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг сўровига кўра, улар билан якка тартибда учрашувлар ўтказилди ва 19 нафар маҳкумларнинг мурожаатлари назоратга олинди.
Учрашувларда сақлаш шарт-шароитлари ва қийноққа солиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар келиб тушмади. Шикоятларнинг аксарият қисми, тайинланган жазони енгиллаштирилишида, жазо муддатини ўташи давомида содир қилган интизом бузарлиги учун қўлланилган интизомий жазоларни муддатидан олдин олиб ташлашда ҳамда оилавий шароитини инобатга олиб, яшаш ҳудудига яқин жойдаги колонияларга ўтказиш масаласида бўлди.
Маҳкумларни даволаш учун дори воситалари захираси, уларни сақлаш муддати ва тартиби, муолажаларни қайд этиш китоблари, мавжуд тиббий асбоб-ускуналар ҳолати ўрганилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати