Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий суд Пленуми мажлиси тафсилотлари
2023 йил 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Мажлисда Олий суд судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ва маъмурий судлари раислари ва судьялари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар ассоциацияси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”, “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”, “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида” ва “Интеллектуал мулкка оид ишларни кўриб чиқишнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Жорий йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ суд амалиётида Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича зарур асосларни яратиш мақсадида ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд Пленуми қарорини қабул қилиш белгиланди. Қабул қилинган «Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарорида Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилган. Мазкур Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.