“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан асосий мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Тадбирда қайд этилишича, ўтган йиллар давомида Омбудсманга юборилган мурожаатлар таҳлили фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларидан хабардорлиги етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Шу нуқтаи назардан жорий йилнинг 30 апрел кунидан кучга кирувчи Янги Меҳнат кодексида назарда тутилган нормалар ҳақида аҳоли хабардорлиги ошириш муҳим аҳамиятга эга.
“Омбудсман мактаби” тадбирида дастлаб амалдаги ва янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексларининг фарқли томонлари киритилган янгиликлар уларни қўллаш механизмлари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.
Меҳнат кодексидаги янгиликлардан бири сифатида ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилиши, масофадан туриб ишлаш шаклининг киритилгани, меҳнат таътилининг узайтирилгани, синов муддатлари белгиланмайдиган ҳолатларга алоҳида тўхталинди. Қолаверса, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқлангани қайд этилди.
Шунингдек, фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда тарихий қонун дея таърифланаётган Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонуннинг мазмун-моҳияти очиб берилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга оиладаги камситишлар бўйича 72 мингта мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 61 мингдан (85 фоиздан) ортиғи хотин-қизларнинг камситилишига тааллуқли бўлган. Янги қонун билан, эр ёки хотин ўз турмуш ўртоғининг ўз ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган бўлса ёки таҳқирласа, қўрқитса, яқин қариндошлардан ажратиб қўйса, қилмишнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.Масалан, шахс ўз турмуш ўртоғини ҳақоратлаб, қадр-қимматини таҳқирласа, 6 млн сўм жаримага тортилади. Ғаразли ниятлар билан калтаклаб, баданига оғир тан жароҳати етказса, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинади.
Шунингдек, мазкур қонун билан оиладаги жинсий зўравонлик, таъқиб қилиш, шилқимлик, алимент тўлашдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чоралари, ҳимоя ордери муддатини суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши ҳамда оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилингани ҳақида ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда фуқароларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.
Тадбирдан сўнг, Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров фуқаролар мурожаатларини қабул қилди ва назоратга олди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати