Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бухоро судида 39 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди
Нукус воқеалари бўйича  судланувчилар Алымбай Мирзамбетов, Муратбай Пирлепесов, Алйшер Шарапов, Онгарбай Мамутов, Тимурбек Исмаилов, Расул Султаниязов, Есимқан Қанаатов, Абдималик Хожаназаров, Абзал Наурызбаев, Нурмухаммед Генжебаев, Амантай Сейтмуратовларга прокурор озодликдан маҳрум килиш жазоси тайинлашни сўраган бўлсада, суд Мустақил комиссиянинг илтимосномасини инобатга олиб уларга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, уларга танланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор килиниб, суд залидан озодликка чиқарилди.

1979 йилда туғилган Алымбай Мирзамбетов 2 июль куни Чимбой туманида тўпланган одамларга овоз кучайтириш мосламалари орқали Д.Тажимуратов лидер эканлиги, уни озод қилиш ва Қорақалпоғистонга бош этиш лозимлигини маълум қилиб, оммавий тартибсизликларга даъват этган эди.

1978 йилда туғилган Муратбай Пирлепесов 2 июль кунида Қонликўл туманида “Кантекс” корхонаси фаолиятини тўхтатиб, ишчиларни оммавий тартибсизликларда иштирок этишга мажбур қилган.

1989 йилда туғилган Алйшер Шарапов 1-2 июль кунлари Қораўзак туманидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, ўзи ҳам фаол иштирок этган.

1966 йилда туғилган Онгарбай Мамутов 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган.

1997 йил туғилган Тимурбек Исмаилов 2 июль куни оммавий тартибсизликларда одамларни Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропортини босиб олишга даъват қилиб, тартибсизликларда фаол иштирок этган. 

1990 йилда туғилган Расул Султаниязов 1-2 июль кунлари одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, фаол иштирок этган.

1981 йилда туғилган Есимқан Қанаатов сепаратизм ғоялари билан йўғрилган мақолаларни тайёрлаб, уларни чоп этган, шунингдек, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган.

1974 йилда туғилган Абдималик Хожаназаров “Ел хызметинде” газетаси бош муҳаррири бўлиб, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган мақолалар чоп этган ҳамда Д.Тажимуратовнинг топшириғига асосан фуқаролардан конституцияга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришлар бўйича таклифларни йиғиб, ахборот бериб борган ҳамда оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган.

1976 йилда туғилган Амантай Сейтмуратов 1 июль куни оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, Д.Тажимуратовни қўллаб-қувватлаб, Жўқорғи Кенгес раиси автомашинаси устида агрессив ҳаракатлар содир этган.

1996 йилда туғилган Абзал Наурызбаев 2 июль куни Нукус шаҳридаги Беруний ва А.Досназаров кўчалари чорраҳасида оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун сафарбар қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари автомашиналарини ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш мақсадида автошина ёқиб, йўлларни тўсган.

2004 йилда туғилган Нурмухаммед Генжебаев 2 июль куни Қонликўл туманида оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, автошина ёқиб, туман ҳокимлиги биносига улоқтирган.

Уларга суд томонидан  5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилганларнинг дастлабки қамоқда ўтирган кунлари Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) га асосан тайинланган жазодан чегирилиши белгиланди ва улар суд залида қамоқдан озод қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати