Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман вакили Европа Кенгаши конвенциялари бўйича семинарда иштирок этди 
2022 йил 26-28 октябрь кунлари Франциянинг Страсбург шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат органлари вакиллари учун Европа Кенгаши конвенциялари бўйича семинар ташкил этилди.

Мазкур семинарда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзолари таркибига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш сектори мудири Жасур Исламов ҳам киритилган эди. Шунингдек, делегация таркибида Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат ходими, Бош прокуратура, ИИВ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Судьялар олий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ҳам мавжуд.

Уч кунлик семинар Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳуқуқ устуворлиги дастури доирасида Европа Кенгаши томонидан Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад Европа Кенгаши шартномалари тизими ва конвенцияларга қўшилиш хусусиятларини ўрганиш, шунингдек, Ҳуқуқ устуворлиги дастури доирасидаги икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилишдан иборат.

Семинар давомида Европа Кенгаши вакилларининг ахборот ҳисоботлари тингланди ҳамда Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг республикада коррупция ва одам савдосига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги тақдимотлари билан чиқишлар қилинди.

Омбудсман вакили ўз тақдимотида 2021 йилда Давлат раҳбари томонидан имзоланган Омбудсман фаолитини кучайтириш ҳамда қийноқларни олдини олишга қаратилган қарор ва фармоннинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди. Жумладан, Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилаётгани, унинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозими жорий этилгани ҳамда Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари фаолиятларига алоҳида тўхталди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати