Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси Навоийда
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида мунтазам равишда тадбирлар ўтказилмоқда.

2022 йилнинг 9 сентябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳасининг навбатдаги тадбири Навоий вилояти, Навбаҳор туманида ўтказилди.

Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад мамлакатимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар, хусусан аҳоли бандлигини таъминлаш, иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аҳолига яратилаётган шароитлар, имкониятлар ва имтиёзлар тўғрисида фуқароларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган.

“Омбудсман мактаби” тадбирида Навбаҳор туманида яшовчи “Арабхона”, “Бешработ”, “Келачи”, “Кўхрон” ва бошқа МФЙ фаоллари ва ёшлари, шунингдек кенг жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

“Омбудсман мактаби” ўқув машғулотида вилоят Бандлик бошқармаси бошлиғи Э.Авезов, вилоят Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ш.Набиев, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Л.Хайруллаев, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи в.Б. А.Мардоқуловлар томонидан соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳолига яратилган имкониятлар, имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлардан аҳолини ўз вақтида ва тўлақонли хабардор қилиш, ижтимоий соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотларда, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда, аҳоли бандлигини таъминлаш хусусида сўз юритилди.

Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Ш.Джураев минтақавий вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга ошираётган мониторинг ташрифлари, шу жумладан унинг ваколат ва вазифалари ҳақида фуқароларга маълумот берди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги “Омбудсман мактаб”ларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар ва йўналишлар келишиб олинди.

Тадбирда сўз олган “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси “Омбудсман мактаби” лойиҳаси вилоятда иш бошлагани, янгилик ва ўзига хос воқеа бўлганлиги, энг муҳими аҳоли учун долзарб ва зарур эканлиги, бу шубҳасиз фуқароларни ҳуқуқий билимларини оширишда самарали восита сифатида хизмат қилишига урғу бериб ўтди ва келгусида бундай тадбирларни мунтазам ўтказишни йўлга қўйиб Омбудсманнинг минтақавий вакили билан ҳамкорликда ишлашга маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тайёр эканликларини билдирди.

Тадбирда Навбаҳор тумани хокими А.Ўроқов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилояти Халқ қабулхонаси рахбари Ф.Қувондиқовлар ҳам қатнашиб, сўзга чиқди ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ўтказиладиган тадбирларнинг муҳим эканлигига эътибор қаратдилар. Жойларда бундай учрашувларни мунтазам ўтказилишини қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб ўтишди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича   вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати