Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкумлар байрам кунлари ижодкорлар билан учрашув ташкил қилинишини сўрашди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилига 30-сон манзил-колониясига амалга оширган мониторинг ташрифларидан бирида маҳкумлар байрам кунлари халқ суйган санъаткорлар билан учрашувлар ташкил этишни сўраб мурожаат қилишган эди.

Маълумки, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни касбга ўргатиш билан бирга йўл қўйган хатоларини қайта такрорламасликлари учун мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинади.

Шу нуқтаи назардан, Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили ташаббуси билан 2022 йилнинг 10 июль куни  29-, 30-сон манзил-колонияларида Ҳамид Олимжон ва Зулфия хоним ҳаёти ва ижодига бағишланган "Муҳаббат баҳори" бадиий фильми тақдимоти (премьера) ўтказилди. Премьера доирасида кинорежиссёр Иброҳим Расулов билан ҳам учрашув ташкил этилди.

Фильмдаги ҳаётий воқеалар орқали қахрамонларнинг умр йўлида дуч келган муаммоли ҳолатлар, фитналару тўсиқлар очиб берилган. Муҳими ватанпарварлиги ва фидоийлиги кўрсатилган мазкур фильмдан маҳкумлар тўғри хулоса чиқариб олишларига имконият яратилди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида манзил-колония ходимлари учун қийноқларни олдини олиш бўйича алоҳида тарғибот тадбири ўтказилди.

Ҳуқуқий тарғибот йиғилишида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қийноқ ҳолатларининг олдини олиш, бу иллатга бутунлай барҳам бериш юзасидан мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу билан бир қаторда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳияти етказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати