Минтақавий вакил 2021 йилда мазкур муассасага қилган ташрифида у ерда сақланаётган маҳкумлар томонидан узоқ муддатли учрашувлар кунининг қисқартирилганидан норози бўлиб, шикоят қилган эдилар. Ушбу шикоят бўйича муассаса бошлиғига тегишли тавсиялар берилганди.
Ташриф давомида муассасада 10та узоқ муддатли учрашувлар хоналари мавжуд бўлиб, узоқ муддатли учрашувлар куни 3 кун деб белгиланганлиги ҳамда маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашишлари учун барча шароитлар яратилганлиги аниқланди.
Колониядаги тиббиёт хоналари кўздан кечирганда маҳкумларни даволаш учун дори воситалари етарли даражада эканлиги, ҳар куни 70-80 нафар маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатилаётганлиги, аммо муассасада 3 нафар тиббиёт ходимининг етишмаслиги маълум бўлди.
Колонияда сақланаётган маҳкумларнинг овқатланиш шароитлари ўрганилганда, ошхона жиҳозлари ва идиш-товоқларнинг янгиланганлиги, овқатланиш менюси белгиланган меъёрлар асосида тузилганлиги ҳамда керакли озиқ-овқат маҳсулотлари қониқарли ҳолатда сақланаётганлиги аниқланди. Колонияда СПИД касаллигига чалинган ҳамда пархез таомлар истеъмол қиладиган маҳкумлар учун алоҳида таомлар, хусусан сут ва кефир маҳсулотлари ҳам берилаётганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Ташриф давомида минтақавий вакил жамоавий суҳбатлар билан бирга якка ҳолдаги учрашувларни ҳам ўтказди.Унда 2 нафар маҳкум Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонада даволаниши кераклиги бўйича мурожаат қилди. Мурожаатлар минтақавий вакил назоратига олинди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Ахборот хизмати