Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Туркияга ташриф доирасида қатор учрашувлар ташкил этилди
Жорий йилнинг 22 ноябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Туркия Республикасига ташрифи доирасида Туркия ҳукумати ва Парламенти вакиллари билан қатор учрашувлар ташкил этилди.

Туркия Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий масалалар бўйича бош директори Хакан Озтатар билан ўтказилган учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Туркия давлатлари муносабатлари ҳар соҳада ривожланиб бораётгани ва бу иккала томон учун ҳам манфаатли эканлиги қайд этилди.

Хакан Озтатарнинг сўзларига кўра, ҳозирда Туркия бош Омбудсмани ва Туркия Республикаси Адлия вазирлиги ўртасида жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича яраштирув институтидан кенг фойдаланиш борасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Туркияда давлат ва фуқаролар, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ҳамда оилавий муносабатлардаги зиддиятлар ва низоли муаммоларни ҳал этишда яраштирув институтига талаб ортиб бормоқда. Авваллари муаммоллар фақат суд орқали ҳал этилган бўлса, ҳозирда фуқаролар кўпинча яраштирув институтига мурожаат қилади. Ушбу масалалар билан Туркия Республикаси Адлия вазирлигидаги тегишли бошқармага қарашли 17 минг нафар яраштирув вакиллари шуғулланади.

Шу куннинг ўзида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги «Туркия — Ўзбекистон» парламентлараро гуруҳи раиси Осман Местен ҳамда Туркия Олий Маъмурий суди президенти Зеки Йигит билан ҳам учрашди.

Учрашувларда инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлараро, ҳукуматлараро ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди ва ўзаро тажриба алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати