Мониторинг давомида Омбудсман қутиси кўздан кечирилганда, 11 нафар маҳкум томонидан мурожаат қолдирилгани маълум бўлди. Минтақавий вакил барча мурожаат муаллифлари билан яккама-якка учрашган ҳолда суҳбат ўтказиб, уларнинг масалаларини ҳар томонлама ўрганди.
Бундан ташқари, 4 нафар маҳкум М.Нормурадовнинг шахсий қабулида бўлди.
Шундан сўнг, минтақавий вакил маҳкумларнинг яшаш шароитлари, овқатланиши, тиббий ёрдам олиши, шунингдек уларнинг ишлаш шароитлари билан танишди.
Маълум бўлишича, ушбу муассасада 1006 нафар маҳкум сақланаётган бўлиб, уларнинг 70 фоизи меҳнатга жалб этилган. Катта ёшдаги ва бетоб бўлган маҳкумлар ишга жалб қилинмаган.
Колониядаги мебель ишлаб чиқариш цехи кўздан кечирилганда, унинг таъмирталаб эканлиги ҳамда у ерда меҳнат қилаётган баъзи маҳкумларнинг устки кийимлари эскилиги, уларнинг янги уст-кийимлар билан таъминланиши зарурлиги юзасидан тавсиялар берилди.
Минтақавий вакил мониторинг ташрифи доирасида жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари билан ҳам танишди.
Мазкур муассасада Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлови ўтказилиши бўйича 605-сонли сайлов участкаси ташкил этилиб, муассасадаги 39 нафар маҳкум сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига олинган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати