Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Феруза Эшматова: Омбудсман ходимларининг судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатлари сони ошиб бормоқда
Жорий йил 29 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йилнинг биринчи ярим йилликдаги мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолияти кўриб чиқилди.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили ҳамда Омбудсман ҳузуридаги комиссия раиси Феруза Эшматованинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 632 та мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг сал кам 40 фоизи яъни 4083 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласига таълуқли. Омбудсман иш юритувига олинган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилди, масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун 23 та текширув ўтказилди, 16 нафар давлат идоралари ходимлари турли даражадаги жавобгарликларга тортилди, суд қарорларига нисбатан прокуратура органлари орқали 2 та протест киритилди ҳамда мурожаат қилувчилар манфаатларини кўзлаб жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 26 та қарор бекор қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман манзилига жиноят ишлари бўйича суд қарорларидан норози бўлган фуқаролардан 680 та мурожаат келиб тушди. Бундан ташқари, хориждан 3 та ва маҳкумлардан 256 та мурожаат йўлланган.

Ф.Эшматованинг қайд этишича, мурожаатларда асосан дастлабки терговда йўл қўйилган процессуал камчиликлар суд жараёнида аниқланганда, судья томонидан таъсир чораси қўлланилмаслиги, судья илтимосномани рад этиши, мажлис баённомасига томонлар чиқишларининг киритилмаслиги, гувоҳларни чақиришни рад этиш ва уларни сўроқ қилмаслик, экспертиза ўтказишни рад этиш, адвокат чиқишини кейинга қолдириш каби ҳолатлар кўрсатилган. Мурожаатларда кўрсатилган ҳолатлар суд қарорларининг қонунийлиги, холислиги ва адолатлилигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин. 

Шунингдек, фуқароларнинг Омбудсман номига суд терговининг тўлиқ эмаслиги ва баъзан бир ёқламалиги, жиноят кодекси нормаларининг нотўғри қўлланилаётганлиги, суд жараёнлари ўз вақтида бошланмаслиги ҳамда жазонинг адолатсизлигидан норози бўлиб Омбудсман ходимларини судда кузатувчи сифатида иштирок этишини сўраб ёзган мурожаатларига асосан 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 45 маротаба суд жараёнларида иштирок этилган.

Йиғилишда якунида комиссия аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати