Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида янги ўзбек миллий ҳуқуқий тизими тубдан шаклланди. Ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган эркин бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик давлатнинг конституциявий ва ҳуқуқий асослари яратилди, инсон ҳуқуқларига оид қонунлар тизими барпо этилди. Ўзбекистон Конституциясининг II-боб, 13-моддасида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”. 1995 йил 23 февраль куни МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Омбудсман институти жорий этилди.
Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари, қадр улуғлиги диний таълимотларда, хусусан, исломда аниқ изоҳлаб берилган. Шариат нуқтаи назаридан ҳам инсон коинотнинг энг улуғ ва олий мартабали зотидир. Қуръони Каримнинг “Бақара” сурасида (30-оят) Оллоҳ томонидан фаришталарга хитоб этилиб, “Мен (одамни) ер юзида халифа қилиб яратмоқчиман” дейилади. Кейинроқ 17-сура (70-оят)да инсоннинг мақомини кўтариб, “биз одам болаларини азиз ва муқаррар қилдик” деб таъкидланади. Қуръонда барча инсонлар, уларнинг ижтимоий мавқеи, дини, миллати, тили ва ирқидан қатъий назар тенг ва баробарликлари эълон қилиниб, дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишиб, дўстлик ва биродарликда яшашингиз учун сизларни турли туман қабила ва элатлар қилиб қўйдик” (49 сура, 13-оят) дейилади.
Маълумки, миллий ҳуқуқий мерос миллатимизнинг, халқимизнинг беназир бойлигидир. Бу бойлик энг катта қадрият ҳисобланган буюк мутафаккирларимиз, аллома – аждодларимиз ғояларида, асарларида чуқур ўз ифодасини топган.Жаҳон илму - фани ва маданияти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Шарқнинг мутафаккирлари ал - Бухорий, ал - Хоразмий, ат - Термизий, ал – Фарғоний, Беруний, Фаробий, Ибн Сино, А.Яссавий, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Навоий, Бобур ва бошқа даҳоларнинг бизга қолдирган маънавий мероси инсон ҳуқуқларини ҳимоя илишнинг тарихий асослари сифатида намоён бўлмоқда.
Улуғ бобокалонимиз Амир Темур айтганидек: "Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади".
Сўз мулкининг султони Алишер Навоий асарларида инсонпарварлик, одил подшоҳ, фақир мискинларга эҳтиром кўрсатиш, саховат, комил инсон хусусида жуда кўп фалсафий фикрлар мавжуд. Мутафаккир “Маҳбуб ул-қулуб” асарини одил подшоҳларни васф қилишдан бошлайди. Унинг фикрича, адолатли подшоҳнинг мамлакат ва халойиқ учун фойдасининг чеки-чегараси йўқ. Бундай подшоҳ, энг аввало, хулқ-одобда фақиру мискинларга, аҳолининг турли тоифаларига бирдек юмшоқ ва яхши муомалада бўлади. Адолатли подшоҳ юксак фазилатлар эгаси. У қўл остидагиларга марҳаматли бўлади, аммо золим ва қароқчилар, ўғрилар, йўлтўсарлар унинг ҳайбатидан, жазолаши ва қасос олишидан қўрқадилар. Подшоҳнинг саъй-ҳаракатлари, тиришқоқлиги туфайли мамлакатда тинчлик, осудалик ҳукм суради, унинг меҳр-муруввати ва қўли очиқлигидан халқ тўқ, фаровон яшайди.
Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.Инсонни улуғлаш уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш янги Ўзбекистоннинг асосий ғоясига айлантирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса, мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида тузилма раҳбарлари билан учрашувлари чоғида 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббусини билдирганлиги ҳам бежиз эмас, албатта. Эътиборли томони шундаки, БМТ ташкил этилганидан кейинги 70 йил давомида Осиё минтақасида биринчи марта ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми якунлари бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимояси юзасидан Самарқанд декларациясининг қабул қилинди. Бу эса, юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир.
“Миллий юксалиш” – мамлакатимиз тараққиёти, халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккури, ҳаёт даражаси ва турмуш сифатини ҳар томонлама юқори босқичга кўтариш йўлидаги ҳаракатдир. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда «Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз» деган улуғвор мақсад шаклланди ва «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга фаол кириб бормоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантриш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш мақсадида 22 июнь 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6012-сон Фармонитасдиқланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжатнинг тайёрланиши жараёнида 50 дан ортиқ давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим қилинган 200 дан зиёд таклиф ва мулоҳаза ҳисобга олинди. Фармонга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.
Миллий стратегияни тасдиқлашдан мақсад – мамлакатда турмуш даражаси ва фаровонликни оширишнинг муҳим ва зарурий шарти, давлатнинг жаҳон майдонидаги рақобатбардошлиги, унинг барқарор ривожланиши ҳамда демократик янгиланиши шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдан иборат.
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган мазкур концепция олти бўлимдан иборат бўлиб, миллий стратегиянинг асосий вазифалари 14 пунктдан иборат ҳолда кўрсатиб берилган. Белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти алоҳида ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор йўналишлар ҳам миллий стратегияда ўз аксини топган. Бу борада хусусан, партиямиз сайловолди дастурида кўрсатилган вазифалар, яъни жамиятда ҳуқуқий, сиёсий онг ва маданиятни ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш; ҳуқуқий, сиёсий онг ва маданиятни умумжамоа маданиятининг ажралмас таркибий қисмига айлантириш; қонунларга риоя этиш кўникмасини шакллантиришда оила, таълим-тарбия масканлари, маҳалла, жамоатчилик институтлари имкониятларидан фойдаланишга қаратилган механизмларни яратиш; халқимизнинг сиёсий жараёнларда бевосита ва билвосита иштирокини юқори даражага кўтариш; қонун ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаларида аҳолининг фаол иштирокини кенгайтириш; коррупцияга қарши курашишнинг маънавий-маърифий ва жавобгарликнинг муқаррарлиги усулларини танлаш, одамлар онгида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бевосита стратегияда кўрсатилган вазифаларни амалда қўллашда ўз ўрнига эга.
Маълумки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда Омбудсман институтининг роли беқиёс. Хусусан, янги Ўзбекистон шароитида инсон қадр-қиммати олий қадрият сифатида тараннум этилар экан, бу борадаги ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятини ҳам эътиборини жалб этмоқда.
Жаҳон тажрибасидан маълумки, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини қатъий ҳимоя қилмасдан ва амалда таъминламасдан туриб, жамиятни демократлаштириш мумкин эмас.Шундан келиб чиқиб, АҚШнинг Вандергил Университети қошидаги маориф бўлими чоп этган (ўзбек тилига ўгирилган.-Т.1993 йил) “Демократия нима?” рисоласида демократик жамиятда “Асосий инсон ҳуқуқлари” қуйидагича ифодаланади: сўз, ўз фикрларини ифодалаш ва матбуот эркинлиги; диний эътиқод эркинлиги; мажлислар ва уюшмалар эркинлиги; қонун олдида тенг ҳимоя ҳуқуқи; қонунга риоя қилиш ва адолатли суд юритиш ҳуқуқи.
Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик, қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 26.06.2021 йил ПФ-5163-сонли Қарори эълон қилинган эди. Мазкур Қарорга мувофиқ, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг асосий вазифаларикўрсатиб берилди. Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маърузани тақдим этиш ва уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгилаб берилди.
Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириш, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини ва ҳудудлардаги иштирокини кенгайтириш, Омбудсман фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10.09.2021 йил ПФ-6312-сонли Фармониқабул қилинган бўлиб, қуйидаги устувор вазифалар белгилаб берилди:
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш;
-давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини, шу жумладан уларнинг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали таъминлаш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
- ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;
- аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.
Мазкур фармон билан Омбудсманнинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимлари жорий қилинди ва уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди:
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказиш;
- фуқароларнинг шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш;
- ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига кўра, мурожаатни экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакилларининг иштирокида кўриб чиқишни ташкил қилиш;
- ушлаб турилган, қамоққа олинган, маъмурий жазо ўтаётган ва озодликдан маҳрум қилинган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда амалга ошириш.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бухоро вилояти Омбудсман минтақавий вакили томонидан қонун доирасида тизимли тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳбуслар мурожаатларини ўрганиш мақсадида ҳудуддаги 4-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи уюштирилиб, мурожаат муаллифлари билан яккама-якка тарзда суҳбат ўтказилиб, уларнинг талаби қонун доирасида ҳал қилинишида кўмак берилмоқда.
Ҳозирги кундаги ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидаги ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этишда халққа юридик билимлар бериш, яъни жамиятдаги ижтимоий-ҳуқуқий фаолликнинг зарурий шартлари бўлган демократик тамойилларни кишилар онгига чуқурроқ сингдириш муҳим аҳамият касб этади.
Ҳуқуқий тарбия – бу шахсга нисбатан ҳуқуқий онгни, шахснинг қонунга бўлган хизматини, қонунга итоаткор хулқ-атвор кўникмалари ва одатларини шакллантирувчи уюшган, бир тизимли, аниқ мақсадни кўзлаган ҳолда таъсир этишдир.
Юксак даражадаги ҳуқуқий маданиятга эришишнинг ягона йўли – ҳуқуқий таълим ва ҳуқуқий тарбияни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришдир. Чунки ҳуқуқий саводхонлик ҳуқуқий маданият асосидир. “Ҳуқуқий маданият – фуқароларнинг етуклилиги ва онглилигини кўрсатувчи мезон. Ҳуқуқий маданият тушунчаси ҳуқуқнинг ривожланиш даражаси, аҳолининг ҳуқуқ ҳақидаги тушунчаси, қонунларнинг аҳволи, ҳуқуқни амалга ошириш ишларини ташкил этиш даражаси, ҳуқуқнинг обрўйи сингари элементлардан ташкил топади... Шахс қанчалик ҳуқуқий билимга эга бўлмасин, қонун ва бошқа қоидаларга амал қилмаса, у жамият учун катта зарар бўлиб, бу ҳуқуқий маданиятсизликни келтириб чиқаради. Демак, ҳуқуқий маданиятга шахснинг ўз ҳуқуқ, эркинликларини англаганлигини кўрсатувчи мезон сифатида қарашимиз мумкин... Ҳуқуқий маданият инсоннинг ҳуқуқ, жамият ва давлатга бўлган муносабатининг алоҳида шахс, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига бўлган муносабати билан чамбарчас боғлиқ, ҳуқуқий маданият даражаси ҳуқуқий тизимнинг ривожланганлик даражаси, давлат ва жамият институтларининг халқчиллиги, аҳолининг билим даражаси, ҳуқуқий онг ва жамиятдаги ҳуқуқий мафкура билан узвий алоқадорликдадир”.
Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясива уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.
Давлатчилик анъаналарига бой халқимиз мустақиллик қўлга киритилган дастлабки кунларданоқ адолатли демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятининг пойдеворини барпо этишга киришди. Аммо зикр этилган ҳуқуқ ва эркинликлар ўз-ўзидан, автоматик равишда янги шахсни камол топтириш, янги муносабатларни шакллантиришга олиб келмайди. Аристотель таъбири билан айтганда, яшаш, ҳаёт кечириш шунчаки машғулот эмас, у “фаолиятдир”.
Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон стратегиясининг мақсади – юртимизнинг бахтли ва баркамол инсонлар фаровон яшайдиган, ижтимоий адолат тамойиллари тўлиқ қарор топган, дунёнинг ривожланган, барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган демократик давлатлари қаторидан жой олишини таъминлашдир”.Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришда Омбудсман институтининг роли беқиёсдир.
Ҳусейнова Абира Амановна
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Бухоро вилояти минтақавий вакили, фалсафа фанлари доктори, профессор