Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Янги ўқув йилидаги илк “Омбудсман соати” дарслари ўтказилди
Бола ўз ҳуқуқларини қанчалик эрта англаса, уларни ҳимоя қилиш, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва турли хавф-хатарларга нисбатан тўғри қарор қабул қилиш кўникмалари шунчалик мустаҳкам шаклланади. Шу боис ҳуқуқий билимларни мактаб давридан бошлаб бериш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда 2026/2027 ўқув йилида республика бўйлаб умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун илк “Омбудсман соати” дарслари ташкил этилди.

Машғулотлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари томонидан ўтказилди.

Дарслар Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 5- ва 27-, Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 14- ва 51-, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 15-, Сирдарё туманидаги 9- ва Гулистон шаҳридаги 8-, Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги 2-, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги 1-, 4-, 20- ва 37-, шунингдек, Тошкент шаҳридаги 154-сонли умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилди.

“Омбудсман соати” анъанавий маъруза шаклида эмас, балки видеодарслар, интерактив ўйинлар, қизиқарли савол-жавоблар ҳамда фото ва видеоматериаллар асосида ўтказилди.

Машғулотлар давомида ўқувчилар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний кафолатлари ва ҳимоя механизмлари билан таништирилди. Шунингдек, кибержиноятчиликдан ҳимояланиш, интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда турли салбий таъсирларга тушиб қолмаслик бўйича ҳаётий мисоллар асосида тушунтиришлар берилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйичавакили

(омбудсман) Ахборот хизмати