Ташрифлар доирасида 8-сон тергов ҳибсхонаси, 40-сон манзил-колония, Сирдарё вилоятидаги Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона, Гулистон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти минтақавий филиали ҳамда Сирдарё “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг жараёнида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнатга жалб этилиш, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари ва мурожаат қилиш ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ўрганилди. Шунингдек, камералар ҳамда хоналарнинг санитария ҳолати, видеокузатув тизими, адвокатлар ва тергов хоналари ҳам кўздан кечирилди.
8-сон тергов ҳибсхонасида камераларнинг айримлари таъмирталаб эканлиги аниқланди. Уларнинг баъзиларида таъмирлаш ишлари бошланган бўлиб, мониторинг вақтида икки нафар аёл маҳбус мурожаати якка тартибда қабул қилинди.
Аниқланишича, 40-сон манзил-колонияда 11 та йўналиш бўйича — иссиқхона, паррандачилик, асаларичилик, сантехника, нонвойчилик, электрик, тикувчилик, сартарошлик, қуёш панеллари ва иситиш коллекторларига хизмат кўрсатиш каби соҳаларни қамраб олган “Касб-ҳунар” маркази ташкил этилган.
Шунингдек, 40-сон манзил-колониядан ишга бириктирилган 38 нафар маҳкум фаолият юритаётган ғишт ишлаб чиқариш цехидаги шароитлар ҳам ўрганилди. Текширув натижасида ювиниш хоналарининг таъмирталаб эканлиги аниқланди. Овқатланиш ва яшаш шароити бўйича шикоятлар келиб тушмади.
Мониторинг ташрифлари давомида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили томонидан сайёр қабуллар ўтказилиб, ҳоли тарзда учрашишни истаганлар мурожаатлари қабул қилинди.
Гулистон шаҳар вақтинча сақлаш ҳибсхонасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли идорага Омбудсман тақдимномаси киритилди. Бошқа муассасаларда қайд этилган ҳолатлар юзасидан ҳам таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати