Ташрифлар давомида Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳар филиаллари, Наманган вилоятидаги 6 ва Хоразм вилоятидаги 11-сонли тергов ҳибсхоналари, Самарқанд шаҳридаги 38-сонли манзил-колония ва Тошкент вилоятидаги 13-сонли Жазони ижро этиш колонияси, шунингдек Мирзачўл, Пахтакор ва Дўстлик (Жиззах), Қўрғонтепа (Андижон), Норин ва Мингбулоқ (Наманган) ҳамда Ҳазорасп (Хоразм) туманлари ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхоналари кўздан кечирилди.
Ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш, яқин қариндошлар билан учрашув шароитлари, кутубхона, тергов ва адвокатлар хонаси, сайргоҳ, спорт зал, тинтув хонаси, йўқловлар қабул қилиш жойи, озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларини сақлаш ҳамда ҳудудлардаги видеокузатув камераларининг ишчи ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида Наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанддаги филиалидаги хоналарда белгиланган сиғимдан 2 баравар ортиқ беморлар жойлаштирилганлиги, шунингдек ушбу Марказнинг Тошкентдаги филиали биноси анча эскирганлиги ҳамда беморлар учун жойлар, дори-дармон ва тиббий буюмлар етишмаётганлиги маълум бўлди.
Мирзачўл тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида эса учрашув ва тиббиёт хоналари мавжуд эмас, камераларда ҳаво алмаштириш тизими ўрнатилмаган, Пахтакор тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида адвокат хонасида видеокузатув камераси ўрнатилган.
Мониторинг якунларига кўра, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари киритилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати