Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
21 ойлик иш ҳақи тўланмади: Омбудсман аралашувидан сўнг фуқаро фойдасига 93 млн сўм ундирилди
Тошкент вилоятидаги “Оҳангароншифер” АЖда 2002 йилдан буён бетончи бўлиб ишлаб келаётган фуқаро И.П. 2023 йил мартдан 2024 йил декабригача — 21 ой давомида иш ҳақини ололмаган.

Меҳнат ҳуқуқлари бузилган фуқаро Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилди. Мурожаат назоратга олиниб, тегишли ҳужжатлар ўрганилди ҳамда Омбудсман томонидан фуқаро манфаатида судга даъво аризаси киритилди.

Суд қарорига асосан  иш ҳақи, ўз вақтида тўланмаган иш ҳақи учун компенсация, маънавий зарар учун жами 93,4 млн сўм фуқаро фойдасига ундирилиши белгиланди.

Шунингдек, жавобгар иш берувчидан Ўзбекистон Меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги мутахассислари уюшмасининг фойдасига мутахассис харажати учун 1,8 млн сўм ҳамда 4 млн сўм давлат божини ундириш белгиланди.

Омбудсман иш берувчиларни ўз вақтида маош тўлашга чақиради. Чунки иш ҳақини кечиктириш — бу фақат қонунбузарлик эмас, балки инсоннинг яшаш воситаларини чеклашдир.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати