Колонияда 1,5 мингга яқин маҳкумлар сақланаётгани аниқланди. Мониторинг ташрифида маҳкумаларнинг сақлаш шароитлари, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари, иситиш тизими ҳолати ва кутубхона ҳолати ўрганилди.
Мониторинг давомида, жамоавий ҳамда 10 нафардан ортиқ маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлашилди, мурожаатлари қабул қилинди. Шу билан бирга, Омбудсман қутиларига келиб тушган мурожаатлар ўрганиш учун олинди.
Тиббиёт бўлими 83 ўринга мўлжалланган бўлиб, ташриф куни 31 нафар маҳкума даволанаётганлиги аниқланди. Улар билан суҳбатлашилганида шифокор ва ҳамширалар фаолиятидан эътирози йўқлиги, дори-дармонлар етарли эканлиги маълум қилинди.
Маҳкумларнинг тиббий маълумотлари, жумладан, рентген натижаларини бериш тартиби ҳақида сўралганда маълумот маҳкуманинг ёзма аризасига кўра берилиши ва бу борада тақиқлар йўқлиги маълум қилинди.
Омбудсман вакиллари томонидан маҳкумаларнинг соғлиғини яхшилаш бўйича тиббий маълумотларни бошқа мутахассисларга кўрсатиш зарурати бўлган пайтларда шу каби тўсиқларни келажакда юзага келмаслиги учун қонунчиликка мувофиқ ҳал этилиши шартлиги тушунтирилди.
Колонияда фарзанди билан яшаётган маҳкумалар билан суҳбатлашилганда, болаларига 24 соат давомида тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар яратилгани қайд этилди.
Шунингдек, ётоқхоналарда иситиш тизими ишчи ҳолатда экани ва туркум ётоқхоналардаги ҳарорат 19-20 даражани кўрсатаётганлиги аниқланди. Иситиш тизими вақтинча яхшиланиб, сўнгра ўчириб қўйилаётганиҳақидаги шикоятлар маҳкумалар томонидан тасдиқланмади.
Суҳбат жараёнида маҳкумалар уларга берилган китоблар 1 ҳафта олдин йиғиб олинганини маълум қилишди. Колония маъмурияти бу ҳолатни кутубхонадаги саккиз мингга яқин турли мазмундаги адабиётлар йил бошида таъмирлаш ва қайта ҳисобини чиқариш учун йиғиб олингани билан изоҳлади. Ҳозирда бу борада муаммо йўқлиги ҳам маълум қилинди. Омбудсман институти томонидан маҳкумаларни китобхонликка тарғиб қилиш ҳамда уларнинг китоб ўқишини узлуксиз тарзда таъминлашга қаратилган тавсиялар берилди.
Ўрганиш жараёнида хабардаги ҳолатларнинг аксарияти тасдиқланмади. Шу нуқтаи назардан ҳолат ҳар томонлама ўрганилиши учун адвокатдан ишга алоқадор ҳужжатларни Омбудсманга тақдим этилиши сўралади. Агар келгусида янги маълумотлар ёки мурожаатлар бўлса, улар ҳам ҳар томонлама ўрганилиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади.
Маълумот учун: Омбудсман тавсиясига кўра, 2024 йилнинг июль ойида 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона негизида 50 ўринли аёллар бўлинмаси иш бошлаган. Мазкур касалхона терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, сил касалликлари каби 20 та бўлимга ва 2 та лабораторияга эга, шунингдек у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунлари бўйича маълумотлар ҳар чоракда Парламент палаталарига киритиб борилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати