Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги янги қонунчилик механизмларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилган тадбирда сенатор ва депутатлар, давлат органлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш лозимки, 2024 йилнинг 15 ноябрь куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонуни Конституцияга мувофиқлаштирилган ҳамда у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини тўлдиради.
Омбудсман фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларга тизимли ечим таклиф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш бўйича мониторинг ва таҳлил фаолиятини амалга оширади. Қонунга билан, Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.
Тадбир давомида иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунда белгиланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, Омбудсманнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолият кафолатлари, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, Омбудсман таъсир чоралари, шунингдек, Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича фаолиятига оид маълумотлар берилди.
Шу билан бир қаторда, давра суҳбатида иштирокчилар томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати