Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” доирасида Гулистон давлат университетида очиқ мулоқот ўтказилди
2024 йилнинг 29 ноябрь куни Сирдарё вилояти Гулистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан талаба ёшлар учун “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида навбатдаги тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбир ёшлар орасида ҳуқуқий билимларни ошириш, уларнинг давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантиришга қаратилган.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ иштирок этишди.

Тадбирда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат томонидан тақдим этилган кафолатлар, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда давлат сиёсатининг аҳамияти, шунингдек, талабаларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб, ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида белгиланган нормаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Конституциянинг ёшларнинг таълим олиш, шахсий ривожланиш ва давлат ҳаётида фаол иштирок этиш бўйича кафолатларига оид моддалар ёшлар учун кенг имкониятлар яратаётгани таъкидланди.

Шунингдек, ёшларнинг Омбудсманга юборган мурожаатларида кўтарилган масалалар ва улардан келиб чиқадиган таклифлар муҳокама қилинди. Талабалар томонидан берилган саволлар асосида таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат ва бошқа соҳаларга оид долзарб масалалар бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, ёшлар 2024 йилнинг 15 ноябрь куни Давлат раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунига киритилган янги нормалар билан таништирилди.

Тадбирда 400 нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Ўзаро савол-жавоблар ва баҳс-мунозараларга бой бўлган учрашув якунида талабалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчилик, давлат кафолатлари ва Омбудсман фаолияти ҳақида муҳим билимларга эга бўлишди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 34 моддасида Омбудсман аҳолининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириши белгиланган.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати