Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман сўровига асосан Тахиатош туманидаги эскирган Наркология диспансери бошқа ҳудудга кўчирилди
Хабарингиз бор, жорий йил бошида ombudsman.uz сайтида “Қорақалпоғистондаги наркологик беморларга яратилган шароитлар амалда яхшиланмади – Омбудсман” сарлавҳаси остида хабар эълон қилинган эди. Унда Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тахиатош тумани филиалида ўтказилган мониторинг ташрифларида у ерда сақланаётган беморларга яратилган шароитлар белгиланган талабларга жавоб бермаслиги қайд этилган. Хусусан, муассаса биноси тўлиқ капитал таъмирталаб ҳолда бўлиб, ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаганлиги ва беморларни очиқ ҳавода сайр қилиш майдони ҳам талаб даражасида эмаслиги, филиалнинг барча қаватларидаги ювиниш хоналарида иссиқ сув мавжуд эмаслиги, асбоб-ускуналарнинг яроқсиз ҳолатда эканлиги ва бошқа камчиликлар аниқланган.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган тақдимномалар асосида тегишли чора тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Тахиатош туманида жойлашган филиалнинг биноси эскирганлиги, бугунги кунда беморларни сақлашда ва даволашда антисанитар ҳолатга келганлигини инобатга олиниб, беморлар Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 3 июль кунги буйруғига асосан, Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди.

Куни кеча Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили ушбу муассасага мониторинг ташрифини амалга оширди. Мониторингда беморларга яшаш, овқатланиш, сайр қилиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ва бошқа шароитлар ўрганилди ва шароитларнинг яхшилангани аниқланди.

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси минтақавий филиали директори ўз вазифасини лозим даражада бажармагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати