Йиғилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2024 йил биринчи ярим йиллигидаги мурожаатлар таҳлили бўйича ахбороти тақдим қилинди.
Тадбирда қайд этилишича, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 8915 та мурожаат келиб тушди. Ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг ушбу даврида 7107 тани ташкил этган.
Жами мурожаатларнинг 27,1 фоизи ижтимоий ҳуқуқларга, 24,6 фоизи иқтисодий ҳуқуқларга, 15,3 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 14,2 фоизи ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга, 11,9 фоизи фуқаролик ва мурожаат қилиш ҳуқуқига, 1,3 фоизи бола ҳуқуқлари ва эркинликларига, 1,0 фоизи экологик ҳуқуқ ва эркинликларга ва 4,6 фоизи бошқа масалаларга оид.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатлари ўрганилиши давомида уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 67та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 1 млрд 268млн.сўмни ташкил этди. Шундан, салкам 255,5млн сўм фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Йиғилишда Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатларида қандай масалалар кўтарилаётгани ва уларни тизимли ҳал этиш борасида таклифлар билдирилди.