Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, «Юксалиш» ҳаракати вакили иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишишди.
Мониторингда аниқланишича, ёзнинг иссиқ кунларида муассасанинг яшаш саҳн ва ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудида, маҳкумлар учун умумий ҳожатхона, ювиниш жойлари ҳамда кийим алмаштириш хоналари зарурий жиҳозлар, жумладан вентилятор, кондиционер, билан таъминланган. Шунингдек, колониялар дўконларида вентиляторлар сотуви йўлга қўйилган ҳамда уларнинг оила аъзолари томонидан олиб келинадиган вентиляторларни муассаса ҳудудига маҳкумлар учун киргизилишига рухсат этилган.
Ушбу муассасада маҳкумлар учун эшик ромларини ясаш бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, шу куни курсларни тамомлаган 20 нафар маҳкумга диплом берилди.
Бундан ташқари, мониторинг гуруҳи 11-сон жазони ижро этиш колониясида бўлиб, ташриф давомида, маҳкумлар билан суҳбатлашилди, тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.
Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, қурилиш маҳсулотлари,юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 13 та цех мавжуд. Маҳкумлар билан ўзаро суҳбат давомида меҳнат шароитларидан шикоятлари йўқлиги ва ойлик маошларини ўз вақтида олаётганликларини билдиришди.
Мониторинг жараёнида ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг муассасадаги қийноқ ёки тазйиқлар борасидаги фикрлари ўрганилганда қийноққа солиш билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушмади. Суҳбат жараёнида улар турма тартибида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни камерада ёлғиз сақланмаслиги (Жиноят-ижроия кодексига мувофиқ турма тартибида жазо ўтаётган маҳкумлар орасидан ўта хавфли рецидивистлар, касаллар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва бошқалар маҳкумлардан алоҳида сақланиши мумкин), уларни ҳам ишга жалб этиш чораларини кўриш ҳамда узоқ муддатли учрашувлар сонини кўпайтиришга оид таклифларини билдиришди. Шунингдек, суд ҳукми чиқиб, уларни жазо муддатларини ўташлари учун колонияларга тақсимланишида уларнинг яшаш ҳудудига эътиборга олиниши таклиф қилинди. Жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан ушбу таклифлар қонунчиликка биноан тегишли тартибда инобатга олиниши маълум қилинди.
Шу куннинг ўзида Навоий шаҳар ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонадаги шароитлар ҳам ўрганилди.
Ташриф якунида пенитенциар муассасаларга ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, ундаги ариза ва мурожаатлар қабул қилинди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича таҳлилий маълумотлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати