Шу муносабат билан, 21-22 май кунлари Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари томонидан Намангандаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Унда “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари ва ОАВ иштирок этишди.
Дастлаб, Наманган вилояти Уйчи туманидаги 6-сон тергов ҳибсхонасига ташриф буюрилди. Ўрганиш жараёнида қамоққа олинган айбланувчи ва судланувчиларни сақлаш шароитлари, қисқа муддатли учрашув хоналари, тиббиёт бўлими ҳамда уларнинг яшаш жойлари кўздан кечирилди. Шунингдек, мониторинг ташрифида ҳибсхона ҳудуди, ошхона ва омборларнинг санитария ҳолати текширилиб, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Тергов қилиш хоналарини кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокат сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди. Шунингдек, маҳбусларни ҳибсхонага қабул қилиш жараёнида уларнинг танасида бирор бир жарохат аниқланса ва бу унинг ҳужжатларида кўрсатилмаган бўлса, бу ҳақда тегишли ташкилотларга зудлик билан хабар берилиши ва қайтарилиши таъкидланди.
Мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, мурожаатлари қабул қилинди.
Кейинги манзил, Оромгоҳ мавзесида жойлашган ИИБ Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона бўлди. Маъмурий қамоққа олинганларни Махсус қабулхонага қабул қилиш чоғида тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда қамоққа олинган шахслар ҳақида маълумот унинг қариндошларига телефон орқали дарҳол хабар қилиш йўлга қўйилган.
Мониторинг ташрифида махсус қабулхонада сақланаётганлар учун сайрга чиқиш жойлари, уларнинг шахсий буюмларини сақлаш ва қайтариб бериш, тиббий хизматдан фойдаланиш хоналари ҳамда ошхона ва кунлик меню кўздан кечирилди.
Наманганга ташриф доирасида 6-сонли жазони ижро этиш муассасасига ҳам мониторинг амалга оширилди ва маҳкумларга яратилган шароитлар ўрганилди.
Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати