Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиё давлатларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари Финляндия Парламенти, Омбудсмани, Олий маъмурий суди ва Бош прокуратураси фаолияти билан танишишди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Финляндияга хизмат сафари доирасида қатор учрашувлар ўтказилди.

2024 йилнинг 18 апрель куни Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари фаолиятини кучайтиришга ва ўзаро тажриба алмашишга қаратилган халқаро тадбир доирасида иштирокчилар дастлаб Финляндия Парламенти биносига ташриф буюришди.

Марказий Осиё давлатларининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллари дастлаб юз йилдан ортиқ вақт мобайнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида давлат органлари устидан назорат олиб борувчи ва ўзига хос илғор тажрибага эга Финляндия Омбудсмани фаолияти билан танишишди. Ўзаро мулоқот давомида Финляндия Омбудсманининг қийноқларни олдини олиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Финляндия Парламенти биноси бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Хелсинки университети ҳузуридаги Қонун устуворлиги маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир иштирокчилари шу куни Финляндия Олий маъмурий суди ва Бош прокуратурасига ҳам ташриф буюришди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон ҳамда Туркманистон Омбудсманларини Финляндия Олий маъмурий суди Президенти Кари Куусиниеми ҳамда Финляндия Бош прокурори Ари-Пекка Койвистолар қарши олиб, ўз фаолиятларига оид батафсил маълумот беришди.

Ўзаро муҳокамаларга бой тарзда ўтган учрашувларда давлатларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги тажрибалари ўрганилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати