Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қисқартиришга тушган боқувчиси йўқ ёлғиз она Омбудсманга мурожаат қилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент шаҳридан фуқаро И.Г. ишдан ноқонуний равишда бўшатилганлиги бўйича мурожаат қилиб, унинг меҳнат ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўради.

Мурожаатчининг ёзишича, у “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда муҳандис-технолог лавозимида ишлаб келган. Мазкур ташкилотда штат ўзгариши муносабати билан мурожаатчи 2 ойдан сўнг ишдан бўшатилиш ҳақида огоҳлантириш хати олган. Аммо, ходимнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқори бўлганлиги инобатга олинмай, у билан тузилган меҳнат шартномаси 2024 йилнинг 3 январь куни бекор қилинган.

Фуқаро И.Г. аризасида олий маълумотлиги, 5 йилдан буён ушбу жамиятда ишлагани ва боқувчиси йўқ ёлғиз она эканини ҳам қайд этган.

Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасига фуқаронинг меҳнат ҳуқуқларининг тикланиши бўйича мурожаат қилинди.

Натижада мурожаатчи И.Г. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга оператор лавозимига ишга қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 167-моддасига мувофиқ, Технологиянинг, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишнинг ўзгаришига, ишлар ҳажмининг қисқаришига боғлиқ ҳолда ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор ходимларининг сони ўзгарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилиши керак.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати