Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қоровулбозордаги колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумнинг онаси Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилди
2024 йилнинг 9 март куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова Қоровулбозор туманидаги 17-сон Жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг ташрифида дастлаб, Омбудсман минтақавий вакилига маҳкумлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан юборилган мурожаатлар бўйича якка тартибда учрашувлар ташкил этилди.

Хусусан, 2024 йилнинг 8 март куни маҳкумнинг онаси телефон орқали мурожаат қилиб, ўғлининг саломатлигидан ташвишланаётгани, охирги марта узоқ муддатли учрашувга Қўқондан Бухорога борганида, 3 кун эмас 2 кунда учрашув тугатилганини маълум қилган эди.

Мурожаат маҳкумнинг соғлиғи билан боғлиқлиги сабабли, у эртаси куниёқ ўрганилди. Маҳкум шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилгач, уни Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага юборишга эҳтиёж йўқлиги маълум бўлди. Маҳкум сўровига кўра, у камерадаги 2-қаватли кроватнинг пастки қисмига жойлаштирилди.

Шунингдек колония томонидан келтирилган маълумотларга кўра, узоқ муддатли учрашувларнинг 2 кунга қисқаришига, юзага келган узоқ навбатларда ҳомиладор ва ёш боласи бор аёллар бўлгани сабаб бўлган.

Сайёр қабулда “Омбудсман қути”лари орқали юборилган мурожаатлар бўйича 6 нафар маҳкум мурожаатлари ҳам ўрганилди.

Шундан сўнг, колониялардаги маҳкумларнинг сақлаш шароитлари, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан бўладиган муносабат ва муомала, узоқ муддатли учрашув хоналари, ҳуқуқий, диний ва бадиий адабиётлар билан жамланган кутубхоналар ҳамда бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган бошқа шароитлар кўздан кечирилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати