Мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш шароитлари, жумладан, ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, тиббиёт бўлими, ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган жойлар, меҳнат шароитлари ҳамда узоқ муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилди ва аниқланган камчиликлар бўйича тавсиялар берилди.
Омбудсманинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили мониторинг ташрифида маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлашиб, улар мурожаатларини қабул қилди ва муассасадаги шароитлар бўйича фикрларини ўрганди. Жамоавий шаклда ўтказилган мулоқотларда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди.
Шу куни мониторингга колониядаги 280 нафар маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида 16 нафар тор доирадаги шифокорлар гуруҳи жалб этилди. Мутахассислар автобусга ўрнатилган кўчма мобил офтальмолог, ультратовуш, ЭКГ ва лаборатория ускуналари ёрдамида маҳкумлар соғлиғини текширишди.
Тиббий кўрик жараёнида 3 нафар маҳкумда жарроҳлик амалиётини ўтказишга эҳтиёж борлиги аниқланиб, уларни рўйхати шакллантирилди. 3 нафар маҳкум шифокорлар тавсиясига кўра дори-дармон воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳудуддаги поликлиниканинг стоматология бўлимида 2 нафар шахснинг тишлари даволанди.
Шунингдек, Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган ногиронлиги бўлган маҳкумлар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 4 та қўлтиқ таёқ, 2 та ҳасса, 1 та қулоқ ортига қўйиладиган эшитиш аппарати ва 2 та ногиронлик аравачалари берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати