Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га 2023 йилнинг 10 ойлигида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ва уларни кўриб чиқиш натижаларига бағишланган БРИФИНГ
2023 йилнинг 10 ой давомида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 10,5 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 12 таси белгиланган тартибда аноним деб топилган.

Жами мурожаатларнинг 27,1% фуқароларнинг шахсий, 20,1 % ижтимоий, 20,6 % иқтисодий, 19 % фуқароларнинг мурожаат этиш, 9,4 % фуқароликка оид ва 1,7 % экологик ҳуқуқларга оид бўлса, 15,6 % ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга, 2,2 % бола ҳуқуқлари ва эркинликларига тегишли.

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўпи  Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрига, энг кам мурожаатлар эса Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига тўғри келади. 

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ташкилот ҳамда мансабдор шахсларга 115 та таъсир чора шаклидаги ҳужжатлар киритилди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврида 88 тани ташкил этган.

Қайд этиш лозимки, Омбудсман таъсир чоралари натижасида   2 нафар фуқаро оқланиб, уларнинг суднинг қарори билан тўлиқ реабилитация қилиниши таъминланди 

Омбудсман томонидан 2023 йил 10 ойи давомида фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундирилиши белгиланган маблағлар сал кам 1 млрд сўмни ташкил этди. 

Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича 557,2 млн сўм ундирилди. Мурожаатчиларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа тўловлар бўйича юзага келган ҳуқуқий муносабатларга оид ариза ва шикоятларни ўрганилиши натижасида ундирилган сумма 144,3 млн сўмни ташкил қилди.

6 нафар фуқарога банклар томонидан қўйилган асоссиз қарздорлик талаби бартараф қилинди. 2 та ҳолатда асоссиз ечилган 10 млн сўм пул маблағлари мурожаатчиларга қайтарилди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда 2022 йилда келиб тушган мурожаат асосида фуқаролар фойдасига ундирилиши лозим бўлган 1,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация тўловларининг тўлиқ ундирилишига эришилди.

3 нафар фуқаронинг мулкига Мажбурий ижро бюроси томонидан қўйилган тақиқ ечилди. Шунингдек, мол-мулк билан боғлиқ мурожаатларни ўрганиш натижасида туман ҳокимлиги қарорининг бекор қилиниб, фуқарога меросдан улуш ажратилиши таъминланди. Яна бир фуқаронинг сервитут ҳуқуқи (ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи) белгиланиши таъминланди.

17 нафар фуқаро иш билан таъминланган, 34 нафар фуқаро ишга тикланган, 5 нафар фуқаронинг иш жойи сақланиб қолинган. 

Бундан ташқари, 7 нафар иш берувчи Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49 ва 198 -моддаларига кўра, жаримага тортилган ва жами 17 млн сўмдан ортиқ сумма ундирилган.

Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган мурожаатлари бўйича сўровига мувофиқ Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 7 та даъво аризалари киритилди. 

Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларининг ўрганилиши ва уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотларга мурожаатига асосан фуқароларга моддий ёрдам ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун субсидия бериш ва бошқа турда қўллаб-қувватлаш мақсадида 109,1 млн сўмга яқин молиявий ёрдам ажратилди. 3 нафар талабанинг Олий таълим муассасаларидаги 10,6 млн сўмлик контракт пулларининг тўланишига кўмаклашилди. 

Пенсия ҳисоблашда 3 нафар фуқаронинг иш стажи инобатга олинмаганлиги туфайли пенсия бўлимлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ҳамда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, 10 нафар фуқарога ўзини ўзи банд қилиши учун кўмаклашилган ҳамда 3 нафар имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачаси ва бошқа мосламаларнинг берилиши таъминланди. 

Шунингдек, боқувчиси ва муқим турар-жойи бўлмаган 2 нафар фуқаро “Саховат” уйига жойлаштирилди. 

11 нафар фуқарога тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун йўлланма берилиши таъминланган.

7 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” берилиши, “Аёллар дафтари”га киритилиши, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилишига кўмаклашилди ва улар мурожаатлари асосида 2 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди. 

Хотин-қизларнинг Омбудсманга мурожаатлари юзасидан вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 35,6 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган. Шу билан бирга, 2 та ҳолатда қарздорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган.

Омбудсманнинг фуқаро манфаатида прокуратура органларига қилган сўрови асосида прокуратура органи томонидан протест киритилиши натижасида фуқаронинг 3 млн сўмлик маъмурий жаримаси бекор қилинди.

Фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатларини ўрганиш натижасида ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 4 нафар масъул ходими огоҳлантириш олган ва бошқа турдаги интизомий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 1 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 5 нафар  ходимга “хайфсан” берилган.

14 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига мувофиқ жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақида ички ишлар бўлимлари томонидан қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилинди ва қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказиш учун юборилди. 

Омбудсманнинг хотин-қизларнинг мурожаатлари асосида прокуратура органларига юборган сўровига асосан 1 та ҳолатда айбдорга нисбатан Жиноят кодексининг 126 прим 1-моддаси оилавий (маиший) зўравонлик бўйича жиноят иши қўзғатилган. Яна бир ҳолатда айбдорнинг ҳаракатлари ЖКнинг 105-моддаси биринчи қисмидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” бандига мувофиқ қайта малакаланишига эришилди. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида салкам 10 млн сўм маъмурий жарима ундирилиши таъминланган. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари