Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг 21 сентябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Сирдарё вилояти Сирдарё туманида ташкил этилди. Тадбирда “Дўстлик”, “Ширин”, “Ёшлик”, “Пахтакор” “Оқибат” ҳамда “Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси иштирок этди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сирдарё вилояти Бюджетдан таркаши Пенсия жамғармаси бошқармаси, "Мадад" муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари маъруза билан иштирок этишди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, "Ўзбекистон-2030 " стратегияси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Фуқаролар билан эркин мулоқот шаклида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимовнинг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати