Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман Италияда кўплаб давлатлар Омбудсманлари билан учрашди
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 21-22 сентябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида “Жаҳонда Омбудсманнинг ўрни: ҳақиқат ва имконият ўртасида” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирга мезбонлик қилган Италия бош Омбудсмани 50 дан ортиқ давлатлар Омбудсманлари учун ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашиш учун махсус платформа яратди. Тадбирда нафақат Омбудсманлар балки парламент аъзолари, суд-ҳуқуқ тизими ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишловчи халқаро ташкилотлар ва миллий институтлар вакиллари ҳам иштирок этишди.

Халқаро конференциянинг иккинчи кунида глобал инқироз даврида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, саломатлик ҳуқуқи мавзуларида Италия, Греция, Молдова, Туркия, Украина, Болгария, Буюк Британия, Бразиля каби давлатлар тажрибаси ўрганилди ва кўтарилган масалалар бўйича муҳокамалар бўлиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори Акмал Саидов онлайн тарзда иштирок этди.

Италияга амалга оширилган ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Болгария, Бельгия, Греция, Молдова, Туркия, Буркина-Фасо, Морокко, ЖАР, Қозоғистон, Сербия, Буюк Британия ва Канада давлатлари Омбудсманлари билан учрашди. 

Икки томонлама учрашувларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида Омбудсманлар фаолиятига жорий этилаётган рақамли технологиялар ва янги механизмлар борасида ўзаро тажриба алмашиш, чет давлатларида бўлган ҳамюртларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ходимлар малакасини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Омбудсман Феруза Эшматова Халқаро Омбудсман Институти Президенти ва Ғарбий Австралия Омбудсмани Крис Филд ҳамда Венеция комиссияси бўлими бошлиғи Каролина Мартинлар билан ҳам учрашиб, истиқболдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати