Шунга кўра, Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Навоий шаҳридаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Мониторингда сенатор ва депутатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази вакиллари, шунингдек, ОАВ ҳам бевосита иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишишди.
Ташрифи давомида, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.
Маълум бўлишича, колониядаги маҳкумларнинг 86 фоизга яқини иш билан таъминланган. Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, қурилиш маҳсулотлари,юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 13 та цех мавжуд. Маҳкумлар билан ўзаро суҳбат давомида меҳнат шароитларидан шикоятлари йўқлиги ва ойлик маошларини ўз вақтида олаётганликларини билдиришди.
2022 йилда Омбудсман томонидан Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан натижадорликка эришиш, шунингдек ногиронлиги туфайли эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга (маҳбусларга) яратилган шарт-шароитларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган эди. Мазкур мониторингда ушбу “йўл харитаси”га асосан ногиронлиги бўлган маҳкумларга яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратилди. Жамоатчилик гуруҳи аъзолари имконияти чекланган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши учун биноларга кириш жойларига тегишли стандартга мувофиқ пандуслар ўрнатилгани, кутубхонада ҳам брайл алифбосидаги китоблар мавжудлиги ва қолаверса, ювиниш хоналарида ҳам махсус шароитлар яратилганига гувоҳ бўлишди.
Шунингдек, “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, мурожаатлар ўрганиш учун олиб кетилди.
Мониторинг доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати