Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 11 август куни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан фуқароларни хабардор қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, касбга тайёрлаш ва иш ўринларини кўпайтириш, меҳнат қонунчилиги ва бошқа масалаларга бағишланган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Навоий шаҳрида ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилояти минтақавий вакили томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда “Янгиариқ”, “Ҳаёт”, “Гулистон”, “Дўстлик”, “Ўзбекистон”, “Кимёгар”, “Меъморлар”, “Ғалаба” ва “Ватан” маҳаллари фаоллари иштирок этишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати