Маълум бўлишича, видео мурожаатда қайд этилган Равшанбек Умаров Навоий вилоятидаги 11-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаб келмоқда.Олинган маълумотга кўра, маҳкум Р.Умаров жорий йилнинг олти ойи давомида яқин қариндошлари билан 8 маротаба телефон орқали суҳбатлашган ва 3 маротаба узоқ муддатли учрашувда бўлган ҳамда 4 маротаба узатмаларни қабул қилган.
Видео мурожаатда қайд этилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида, жорий йилнинг 7 август куни Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари билан биргаликда 11-сон жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрди.
Ташриф давомида маҳкум Р.Умаров билан ҳоли тарзда учрашилиб, суҳбатлашилди. Суҳбат давомида маҳкум Р.Умаров колонияда яшаш, овқатланиш, ювиниш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа маиший шароитлар бўйича эътирози йўқлигини, у томонидан ёзилган мурожаатлар, хатлар тегишли манзилларга юборилаётганлигини ҳамда тазйиқ ва босимлар ўтказилмаётганлигини маълум қилди. У суҳбат давомида ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмларидан норози эканлигини билдириб ўтди.Минтақавий вакил томонидан муаммо ечими юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.Мурожаат назоратга олинди.
Маҳкум Р.Умаров билан ўтказилган суҳбат давомида колония ходимларининг хатти-ҳаракатларидан ёки бошқа масалалар юзасидан мурожаат қолдириши мумкинлиги сўралди. У колония ходимларига нисбатан шикояти йўқлигини ва мурожаат ҳам қолдирмаслигини маълум қилди.
Қайд этиб ўтиш жоизки, Омбудсман, унинг ходимлари ва Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда мунтазам равишда 11-сон жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Омбудсман ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари билан биргаликда ушбу колонияга 6 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Ушбу ташрифлар давомида маҳкум Р.Умаров бирор маротаба мурожаат қилмаган ва шикоят қолдирмаган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати