Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижон вилоятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 20 прим 2 моддасида Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.

Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг 25 июль куни Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги “Пиллакор” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари учун меҳнат муносабатлари, камбағалликни қисқартириш ҳамда хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимояси масалаларига бағишланган Омбудсман мактаби тадбири ўтказилди. 150 нафар иштирокчиларни қамраб олган тадбирда туман фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад – аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат. Сабаби фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмас эканлар, уларни талаб қила олмайдилар. Натижада қонун бузилиш ёки уни четлаб ўтиш ҳолатлари кўпайиши мумкин.

Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори меҳнат муносабатлари тизимида ҳам салмоқли ўзгаришлар бўлди. Соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар олиб борилди.

Тадбирдан сўнг Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гульнора Абдувоҳидова фуқаролар билан сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда 15 нафар фуқаролар турли масалаларда мурожаат қилишди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати