Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси талабалари Омбудсманлар фаолияти билан танишишди
2023 йилнинг 23 июнь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) А.Юнусова Ўзбекистон халқаро Ислом академияси талабалари билан очиқ мулоқот ўтказишди.

Учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова талабаларни Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари билан таништирди.

Таъкидланишича, ҳозирда дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатида Омбудсман институти жорий этилган ва улар мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. МДҲ давлатлари орасида эса Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб 1995 йил 23 февраль куни Омбудсман институти жорий этилган. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) кўплаб фуқароларнинг жумладан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бир қанча хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди

Бизнинг вазифамиз, нафақат мурожаатларни кўриб чиқиш, балки масалаларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш ва уларни  бартараф этишдир. Бу борада Омбудсман томонидан мурожаатлар таҳлили асосида аниқланган муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш бўйича Парламентга таклифлар киритилади. Қолаверса, Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли давлат органларига таъсир чораларини, жумладан Омбудсман хулосаси, тақдимнома ва фуқаролар манфаатида судга даъво аризалар киритади. Янгиланаётган Конституциямизнинг 98 моддаси билан Омбудсман институтига таклифларни қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли экани белгилаб қўйилди. Бу эса қонун ҳужжатларида аниқланган бўшлиқларни тўлдиришда муҳим восита ҳисобланади – деди Омбудсман Феруза Эшматова.

Шундан сўнг, Болалар Омбудсмани Алия Юнусова асосий вазифаларига тўхталар экан, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция қоидаларини қонунчиликка татбиқ этиш, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бутун жамият ва давлатни фаол жалб этиш Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлади.

Учрашув савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати