Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида нималар ўзгарди?
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Навоий вилояти Кармана туманида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Джураев ташаббуси билан янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексининг тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланишича, ўтган йиллар давомида Омбудсманга юборилган мурожаатлар таҳлили асосида меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришга оид тайёрланган бир қанча таклифлар янги Меҳнат кодексида ўз аксини топган. Бу эса ўз навбатида ходимларнинг иш шароитларини янада яхшилаш, уларга меҳнатлари учун адолатли ҳақ тўланишига, ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларининг таъминланишига, пировард натижада иш унумдорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбирда вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Н.Жўраев ҳам иштирок этиб, у ўз сўзида янгиланган Меҳнат Кодексини қабул қилинишига бўлган зарурият, амалдаги ва янги таҳрирдаги Меҳнат Кодексларининг фарқли томонлари киритилган янгиликлар уларни қўллаш механизмлари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Хусусан амалдаги Меҳнат Кодекси 294 моддадан иборат бўлса, қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат Кодекси 581 моддани ўз ичига олган бўлиб, мазкур Кодекс истиқболда кичик бизнес субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланадиган аҳоли меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишга имкон беради.

Шунингдек, ҳомиладор аёлларга қўшимча бўш кунлар берилиши, масофадан туриб ишлаш шаклининг киритилгани, меҳнат таътилининг узайтирилгани, синов муддатлари белгиланмайдиган ҳолатлар ҳақида тушунчалар берилди. Қолаверса, янги таҳрирдаги меҳнат кодексида ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши тақиқлангани қайд этилди.

Савол-жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда фуқароларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати