Делегация аъзолари ташрифидан кўзланган асосий мақсад низоли ҳудудлардан ўз фуқароларини репатриация ва реабилитация қилиш, аёллар ва болаларни жамият ҳаётига интеграциялаштириш ҳамда мослаштириш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини ўрганишдир.
Учрашувда қайд этилишича, 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати биринчилардан бўлиб Ироқ ва Суриядаги қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар натижасида жабр кўрган ўз фуқароларини, асосан, аёллар ва болаларни ватанига қайтаришни амалга оширди. Шу йилдан бошлаб Ироқ, Сурия ва Aфғонистондаги қуролли тўқнашувлар ва жанговар ҳаракатлар натижасида жабр кўрган болаларни қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
2019-2021 йилларда Сурия, Ироқ ва Афғонистон мамлакатлари ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш бўйича бешта махсус операция амалга оширилди. Натижада Ўзбекистонга “қайноқ нуқта”лардан жами 531 нафар фуқаро олиб келинган. Шундан 24 нафарини – эркаклар, 121 нафарини – хотин-қизлар, 379 нафарини – болалар ва 7 нафарини хорижий фуқаролар ташкил этади.
Бу амалиёт дунёнинг бошқа давлатларида ҳам жорий этилган. Хорижий жангари-террористлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан тасдиқланган.
БМТ ваколатли экспертлари фикрига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларини биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ҳарбий можаролар зоналаридан қайтариш билан шуғулланадиган дунёдаги кам сонли давлатлардан биридир. “Шу билан бирга, Тошкент ҳар бир БМТга аъзо давлат ўз фуқароларининг тақдири учун қаерда бўлишидан қатъий назар, жавобгар эканлигини амалда намойиш этади. Республика тажрибаси кўплаб бошқа мамлакатлар учун яхши ўрнак намунасидир”, дейилади БМТ вакиллари баёнотида.
2022 йил 15 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 49-сессияси доирасида Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачи Фионнуала ни Аолайннинг мамлакатимизга 28 ноябрь – 7 декабрь кунлари амалга оширган ташрифи якунларига бағишланган маърузаси тингланди. БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати