Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ШҲТга аъзо мамлакатлар тадбиркор аёллари ҳамкорлиги янги босқичга чиқади
Жорий йилнинг 18-19 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги Хотин-қизлар форуми доирасида Тадбиркор аёллар биринчи конференцияси ҳам ўтказилди.

Унда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг давлат ва нодавлат хотин-қизлар ташкилотларининг раҳбарлари, ШҲТнинг Тошкентдаги дипломатик корпуси вакиллари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари тадбиркор хотин-қизлари, соҳа бўйича халқаро экспертлар иштирок этди.

Конференцияда кириш сўзи билан иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ушбу конференциянинг ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар, кутилаётган натижаларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, иқтисодий фаровонликни таъминлашда тадбиркорлик субъектлари муҳим ўрин тутади. Тадбиркор ҳам давлатнинг, ҳам фуқаролик жамиятининг барқарорлигини ва ривожланишининг кафолати ва таянчидир.

Шу боис Ўзбекистон томони Тадбиркор аёллар конференциясини илк бор ўтказиш ва ШҲТга аъзо давлатларнинг ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштириш ташаббусини илгари сурди – дейди Сенат Раиси Т.Нарбаева.

Ушбу конференция ШҲТга аъзо давлатларнинг тадбиркор аёллари ўртасида савдо-иқтисодий ва бизнес алоқаларини фаоллаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиш, истиқболли бизнес соҳаларини таҳлил қилиш, шунингдек, тадбиркорликни ташкил этиш ва ривожлантиришда ўзаро тажриба алмашиш учун ўзига хос майдон эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг деярли ярмини аёллар ташкил этади. Улар турли соҳаларда жамият манфаати учун меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, республикада банд бўлган аҳолининг 45 фоизи аёллардан иборат. Мамлакатимизда тадбиркор аёллар улуши 39 фоизни ташкил этади.   

Конференция давомида Ўзбекистонда хотин-қизларни давлат бошқарувида фаолигини ошириш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва сўнги йилларда эришилган натижаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида мамлкатмизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Биргина 2021 йилда 53.8 мин нафардан ортиқ хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди.

Хотин-қизлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун 100,3 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Мазкур чора-тадбирлар туфайли мамлакатимизда 34,5 минг нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.

Конференцияда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг етакчи хотин-қизлари ўз мамлакатларида аёллар тадбиркорлиги йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги маърузалари билан иштирок этдилар.

senat.uz