Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент вилоятидаги 42-сон Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ўрганилди
2022 йил 14 июнь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти масъул ходимлари эркак ва аёл маҳкумлар жазо ўташлари учун мўлжалланган Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 42-сон Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди.

Мазкур мониторинг ташрифида «Демократия ва инсон ҳуқуқлари Институти» нодавлат нотижорат ташкилоти директори Сайёра Ходжаева ва ушбу ташкилотнинг бошқа вакиллари ҳам иштирок этишди.

Юқорида қайд этилганидек мазкур колония эркак ва аёл маҳкумлар жазо ўташлари учун мўлжалланган бўлиб, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 80 фоиздан ортиғи ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган.

Ташриф давомида маҳкум ва маҳкумаларнинг ювиниш хоналари, ётоқ жойлари ҳамда ошхоналарининг санитария-гигиена талабларига жавоб бериш ҳолатлари кўздан кечирилди. Колониядаги ҳуқуқий, диний ва бадиий адабиётлар билан жамлаган кутубхона ҳамда маҳкум ва маҳкумаларнинг меҳнат қилиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун яратилган бошқа шароитлар ўрганилди.

Шундан сўнг, маҳкум ва маҳкумалар билан жамоавий учрашув ўтказилди. Учрашув давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар етказилди. Шунингдек, маҳкум ва маҳкумалардан жазони ижро этиш муассасаларидаги мавжуд шарт-шароитлар юзасидан таклифлари эшитилди.

Оммавий учрашувдан сўнг, ҳоли тарзда қабул сўраган маҳкумлар билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Маҳкум ва маҳкумалар томонидан суд-тергов ва оиласига ижтимоий ёрдам масаласида мурожаатлар келиб тушди ҳамда уларга мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати