Мен хуқуқшунослик олийгоҳини битказаётиб, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти” мавзусида диплом иши ёзаётганимда куни кеча ҳурматли Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидаги имкониятлар тўғрисида тасаввур ҳам қилолмаган эдим.
Ушбу ташкилотнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини мен шу пайтда чуқур англаганман ва ҳаёлимдан “Бундай ташкилотларга келгусида кенг имкониятлар яратиб берилса, тўпланиб қолган муаммолар инсонлар фойдасига ишлар эди” деган фикрлар ўтган эди.
Мен ҳурматли Президентимизнинг юқоридаги тарихий аҳамиятга эга Фармонини ўқир эканман, “агар эзгу ниятда ва самимий чин дилдан бир нарсани ҳоҳласанг у албатта ижобат бўлади” деган гапларнинг ростлиги тўғрисида яна бир марта ишонч ҳосил қилдим.
Кейинги вақтларда фуқаролар томонидан Омбудсманга юборилаётган мурожаатларнинг кўпайганлигига сабаб ушбу ташкилотни халқимиз яқиндан таниганлиги бўлса, бошқа томондан бу олдимизда кўплаб вазифалар турганлигидан далолатдир.
Шу ўринда Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги аҳамиятини тўғри англаган республикамизнинг барча давлат бошқаруви органлари ва идоралари унинг мурожаатларига ўз вақтида, масъулият билан жиддий ёндашиб келаётганликларини ҳам таъкидлаш лозим.
Мен ушбу нуфузли ташкилотнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили эканлигимдан фахрланаман. Чунки, мазкур Фармондан сўнг турли муаммолар билан мурожаат қилаётган инсонларнинг, айниқса жазони ижро этиш жойларидаги маҳкумларнинг мурожаатларида Омбудсман институтига нисбатан умиднинг янада ортишини ҳамда улардаги хурсандчиликларни кўриб, Юртбошимизга миннатдорчилик туйғуларини билдираётганларининг шахсан гувоҳи бўлиб келяпман.
Ҳурматли Президентимизнинг мазкур Фармони Омбудсманга инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишининг таъминланишида кенг имкониятлар бериши билан бирга катта масъулиятлар ҳам юклади.
Буни юракдан ҳис қилган ҳолда ишонч билан айта оламанки, бундан кейинги иш фаолиятимизнинг янада самарали ташкил этилиши бизнинг энг асосий ва бош вазифамиз бўлиб қолади.
Хамро БЕКТЕМИРОВ
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили