Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги вакили Муроталига нега борди?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили Сайёра Баратова мурожаатлар билан ишлашда масалани келтириб чиқараётган сабабларни узил-кесил бартараф этишга ҳаракат қилади. Зеро, жорий йилнинг 23 июль куни Президент раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселекторда одамларни мурожаат қилишга мажбур этаётган муаммоларни маҳалланинг ўзида бартараф қилиш кераклиги таъкидланган эди.

Пискент тумани “Муротали” маҳалласида яшовчи Ш.Шокированинг мурожаатини батафсил ўрганиш мақсадида Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили С.Баратова туман ҳокими мутасадди вакиллари иштирокида мурожаатчи хонадонига ташриф буюрди. 

Маълум бўлишича, мурожаатчининг онаси тўрт набирасини қарамоғига олган ва “Темир дафтар”га киритилган. Шу боис, унга пандемия давридаги тегишли ёрдамлар кўрсатилган. Давлатимиз раҳбари “балиқ эмас, балиқни тутишга қармоқ бериш керак” дея таъкидлаганидек, хонадондаги 20 сотих ҳовлида томорқадан фойдаланиш имконияти борлиги ҳисобга олиниб, субсидия асосида иссиқхона ҳам қурилган.

Суҳбат давомида оила аъзоларининг аксарияти вояга етган ва меҳнатга лаёқатли одамлар бўлгани сабабли Ш.Шокирова ва синглисига жамоатчилик асосида иш, ҳунар эгаллаш истаги бўлса, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази қошидаги касб-ҳунар мактабига 3 ойлик курсларга таклиф этилди. Бундан ташқари, бузиб, қайта қурилаётган иморати учун қурилиш материаллари ҳомийлик асосида олиб берилиши айтилди.

Суҳбат асносида Омбудсманнинг минтақавий вакили С.Баратова инсон тўкин ва фаровон яшаши учун ҳалол меҳнат қилиши, қўл остидаги имкониятлардан самарали фойдаланиши зарурлигини тушунтирди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати